Жисмоний шахснинг мурожаатида:
— фамилияси, исми ва отасининг исми;
— яшаш жойи тўғрисида маълумот;
— мурожаат юборилаётган давлат органи ёки ташкилотнинг аниқ номи ёхуд мансабдор шахснинг лавозими ва/ёки Ф.И.О.;
— мурожаатнинг моҳияти кўрсатилиши керак.
Электрон почта манзили, телефон ёки факс рақамини ҳам кўрсатиш мумкин, аммо Қонунда улар барча мурожаатлар учун мажбурий реквизит сифатида белгиланмаган.
Юридик шахснинг мурожаатида:
— юридик шахснинг тўлиқ номи;
— унинг жойлашган ери, яъни почта манзили;
— мурожаат юборилаётган орган ёки мансабдор шахс;
— масаланинг моҳияти кўрсатилиши керак.
Мурожаатлар давлат тилида ёки бошқа тилларда берилиши мумкин.
Мурожаатга жавоб беришда унда кўтарилган барча масалалар кўриб чиқилиши ва қабул қилинган қарор ҳақида мурожаатчига ёзма ёки электрон тарзда хабар берилиши керак.
Ёзма мурожаат:
— жисмоний шахснинг шахсий имзоси;
— ёки юридик шахснинг ваколатли шахси имзоси билан тасдиқланади.
Агар жисмоний шахс муайян сабабга кўра мурожаатни ўзи имзолай олмаса, уни ёзиб берган шахс имзолаши ва ўзининг Ф.И.О.сини ҳам кўрсатиши мумкин.
Мурожаат вакил орқали берилганда, унинг мурожаатчи номидан ҳаракат қилиш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Ваколатни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаган вакилнинг мурожаати қонунда белгиланган ҳолатларда кўриб чиқилмайди.
Қуйидаги ҳолатларда мурожаат аноним деб баҳоланиши мумкин:
— жисмоний шахснинг Ф.И.О.си ёки яшаш жойи кўрсатилмаган;
— юридик шахснинг номи ёки манзили кўрсатилмаган;
— ушбу маълумотлар ҳақида ёлғон маълумот берилган;
— электрон мурожаат уни юборган шахсни идентификация қилиш имконини бермайди;
— ёзма мурожаат имзоланмаган.
Эслатма: имзосиз ёзма мурожаат ёки мурожаатчини аниқлаш имкони бўлмаган электрон мурожаат аноним мурожаат ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.
Мурожаатчи ўз талабларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар, аввал қабул қилинган қарорларнинг нусхалари ёки масалани ҳал қилиш учун аҳамиятли бошқа материалларни мурожаатга илова қилиши мумкин.
Бу, айниқса, шикоят ёки муайян ҳуқуқни тиклаш талаби билан мурожаат қилинганда масалани тез ва тўлиқ ўрганишга ёрдам беради.
Агар мурожаатдаги масалани ҳал қилиш мазкур орган ваколатига кирмаса, у 5 кундан кечиктирмай тегишли давлат органи, ташкилот ёки мансабдор шахсга юборилиши ва бу ҳақда мурожаатчига хабар қилиниши керак.
Мурожаат кўриб чиқилгандан кейин қабул қилинган қарор ҳақида мурожаатчига дарҳол ёзма ёки электрон шаклда хабар берилади.
Мурожаат фақат унда кўтарилган барча масалалар қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилиб, тегишли жавоб берилганидан кейин кўриб чиқилган ҳисобланади.