
Манфаатлар тўқнашуви нима?
Манфаатлар тўқнашуви — шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаатдорлиги унинг лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятдир.
Бунда шахсий манфаатдорлик билан фуқаролар, ташкилотлар, жамият ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келади ёки келиши мумкин.
Манфаатлар тўқнашуви:
- мавжуд манфаатлар тўқнашуви — қарама-қаршилик амалда юзага келган ҳолат;
- эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви — бундай қарама-қаршилик келгусида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатга бўлинади.
Қонун кимларга нисбатан татбиқ этилади?
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонун:
- давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига;
- давлат муассасаларига;
- давлат унитар корхоналарига;
- давлат мақсадли жамғармаларига;
- устав фондида давлат улуши 50 фоиз ёки ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.
Қонуннинг айрим талаблари устав фондида юқоридаги ташкилотларнинг жами улуши 50 фоиз ёки ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга ҳам татбиқ этилади.
Бундай ташкилотлар иштирокидаги кейинги даражадаги юридик шахсларга Қонун фақат давлат харидлари соҳасидаги муносабатлар бўйича татбиқ этилиши мумкин.
Ходимга алоқадор шахслар кимлар?
Қуйидагилар ходимга алоқадор шахслар ҳисобланади:
- унинг яқин қариндошлари;
- ходим ёки унинг яқин қариндошлари акция ёки улушга эга бўлган юридик шахс;
- ходим ёки унинг яқин қариндошлари раҳбар ёхуд бошқарув органи аъзоси бўлган юридик шахс.
Яқин қариндошларга:
- ота-она;
- ака-ука ва опа-сингиллар;
- ўғил ва қизлар;
- эр ёки хотин;
- эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси ва фарзандлари киради.
Шахсий манфаатдорлик нима?
Шахсий манфаатдорлик — ходим ёки унга алоқадор шахслар ходимнинг қарор қабул қилиши ёки қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши натижасида олиши мумкин бўлган ҳар қандай наф ёки афзалликдир.
Бундай манфаат:
- пул ёки мол-мулк;
- даромад ёки имтиёз;
- қариндошини ишга жойлаштириш;
- таниш ташкилотга шартнома бериш;
- муайян шахсга устунлик яратиш каби кўринишларда бўлиши мумкин.
Ходимнинг асосий мажбуриятлари
Ходим:
- хизмат вазифаларини виждонан ва холис бажариши;
- шахсий манфаати таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳаракатлардан ўзини тийиши;
- манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги;
- бошқа ходимларни ўз шахсий манфаатига хизмат қилувчи ҳаракатларни бажаришга мажбурламаслиги;
- бошқа ходимларга оид ўзига маълум манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериши шарт.
Ташкилот назоратидаги ташкилот ёки унинг бўлинмасидан иш таклифи келиб тушса, ходим бу ҳақда 1 иш куни ичида хабар бериши керак.
Мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақида қачон хабар берилади?
Ходим мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақида ўзига маълум бўлган пайтдан бошлаб 1 иш куни ичида белгиланган шаклдаги хабарномани:
- бевосита раҳбарига;
- ташкилот раҳбари бўлса, юқори турувчи раҳбарга;
- ёки махсус бўлинмага тақдим этиши шарт.
Жумладан, қуйидаги ҳолатларда хабар берилади:
- яқин қариндоши ходимнинг бевосита бўйсунувига ишга қабул қилинганда;
- ходим фаолиятига унга алоқадор шахс фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб этилганда;
- ходим ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли масала бўйича қарор қабул қилишда иштирок этганда;
- унинг яқин қариндоши текширилаётган ташкилотда масъул шахс бўлиб ишлаганда;
- бошқа ҳар қандай мавжуд манфаатлар тўқнашуви юзага келганда.
Хабарнома тегишли қарор қабул қилинишидан олдин тақдим этилиши керак.
Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви декларацияси
Ходим эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида белгиланган шаклда декларация тақдим этади.
Декларация:
- ишга қабул қилинишда;
- бошқа ишга ўтказилганда;
- шахсга доир маълумотлар ўзгарганда;
- ҳар йили 15 январдан кечиктирмай тақдим этилади.
Махсус бўлинма ҳар йилги декларацияларни 15 февралгача умумлаштиради ва таҳлил қилади ҳамда 1 мартгача одоб-ахлоқ комиссиясига таклифлар киритади.
Манфаатлар тўқнашувини ким тартибга солади?
Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш учун:
- ходимнинг бевосита ёки юқори турувчи раҳбари;
- коррупцияга қарши ички назорат ёки кадрлар бўлинмасидан иборат махсус бўлинма;
- одоб-ахлоқ комиссияси масъул ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур соҳадаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Манфаатлар тўқнашуви қандай бартараф этилади?
Ҳолатнинг хусусиятидан келиб чиқиб қуйидаги чоралардан бири кўрилиши мумкин:
- ходимни манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлмаган бошқа раҳбар бўйсунувига ўтказиш;
- ходимнинг коллегиал органдаги иштирокидан ўзини ўзи рад этиши ёки уни мажбуран четлаштириш;
- лавозим мажбуриятлари ёки хизмат ваколатларини қайта кўриб чиқиш;
- муайян ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланишни чеклаш;
- ходимнинг якка тартибда қарор қабул қилиши устидан коллегиал назорат ўрнатиш;
- шахсий манфаатдорликни бартараф этишни таклиф қилиш;
- ходимнинг ташкилот манфаатларига зид шахсий манфаатидан воз кечиши;
- бошқа чоралар билан бартараф этиб бўлмаса, ходимнинг розилиги билан уни тенг лавозимга ўтказиш;
- меҳнат шартномасини умумий асосларда бекор қилиш.
Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чоралари, қоида тариқасида, ходимнинг розилиги билан кўрилади.
Маълумотлар махфий сақланадими?
Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тартибга солиш жараёнида олинган шахсга доир маълумотларни ошкор этишга йўл қўйилмайди.
Ташкилотда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар махсус реестрда ҳисобга олинади.
Фуқаролар ҳам хабар бериши мумкинми?
Жисмоний ва юридик шахслар давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимидаги манфаатлар тўқнашуви ҳақида мурожаат ёки хабар бериш ҳуқуқига эга.
Хабарда имкон қадар:
- ходим ва ташкилот номи;
- манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлаётган алоқа;
- қарор, шартнома ёки текширув ҳақидаги маълумот;
- тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилиши мақсадга мувофиқ.
Текширувда тасдиқланган ҳолатлар одоб-ахлоқ комиссияси томонидан махсус бўлинма ахбороти тақдим этилганидан кейин 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.
Манфаатлар тўқнашувида қабул қилинган қарорнинг оқибати
Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарор ёки тузилган битим суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Бундай қарор ёки битим натижасида олинган фойда суд тартибида давлат даромадига ўтказилиши мумкин.
Битимни бажариш билан боғлиқ харажатлар манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган шахс ҳисобидан қопланади.
Қандай жавобгарлик белгиланган?
Мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаслик:
- БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима;
- бир йил ичида такроран содир этилса — БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Мансабдор шахснинг ўзига маълум мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чораларини кўрмаслиги:
- БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима;
- бир йил ичида такроран содир этилса — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳуқуқбузарликлар давлат харидлари соҳасида содир этилса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима солинади.