Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8950 марта ўқилди

Мужская рука набирает номер телефона, чтобы позвонить на классический белый  стационарный телефон на офисном столе. | Премиум Фото

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви нима?

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви — ходимнинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаатдорлиги унинг лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига амалда таъсир кўрсатаётган вазиятдир.

Бунда ходимнинг шахсий манфаатдорлиги билан фуқаролар, ташкилотлар, жамият ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келади.

Ходим қачон хабар бериши шарт?

Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлган пайтдан эътиборан 1 иш куни ичида белгиланган шаклдаги хабарномани тўлдириши шарт.

Хабарнома:

  • ходимнинг бевосита раҳбарига;
  • ташкилот раҳбари томонидан — юқори турувчи раҳбарга;
  • ёки ташкилотнинг махсус бўлинмасига тақдим этилади.

Махсус бўлинма вазифасини коррупцияга қарши ички назорат ва (ёки) кадрлар бўлинмаси амалга оширади.

Қайси ҳолатларда хабар бериш керак?

Ходим қуйидаги ҳолатларда мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериши шарт:

  • яқин қариндоши ходимнинг бевосита бўйсунувидаги ишга қабул қилинганда;
  • ходимнинг ишига фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида унга алоқадор шахс жалб этилганда;
  • ходим ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли масалалар бўйича қарор қабул қилишда иштирок этаётганда;
  • ходимнинг яқин қариндоши текширилаётган ташкилотда текширув йўналиши бўйича масъул мансабдор шахс бўлиб ишлаганда;
  • текширилаётган юридик шахс ходимга алоқадор шахс ҳисобланганда;
  • бошқа ҳар қандай мавжуд манфаатлар тўқнашуви юзага келганда.

Яқин қариндошни бевосита бўйсунувдаги ишга қабул қилиш бўйича талаб давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи лавозимларга қабул қилиш ҳолатларига татбиқ этилмайди.

Ходимга алоқадор шахс ким?

Ходимга алоқадор шахслар жумласига:

  • ходимнинг яқин қариндошлари;
  • ходим ёки унинг яқин қариндошлари акция ёки улушга эга бўлган юридик шахс;
  • ходим ёки унинг яқин қариндошлари раҳбар ёхуд бошқарув органи аъзоси бўлган юридик шахс киради.

Яқин қариндошларга:

  • ота-она;
  • ака-ука ва опа-сингиллар;
  • ўғил ва қизлар;
  • эр ёки хотин;
  • эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси ва фарзандлари киради.

Хабарномада қандай маълумотлар кўрсатилади?

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарномада:

  • хабар бераётган ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;
  • лавозими;
  • ЖШШИРи;
  • манфаатлар тўқнашуви юзага келаётган яқин қариндошининг фамилияси, исми, отасининг исми ва мавжуд бўлса ЖШШИРи;
  • ходимга алоқадор юридик шахснинг номи ва СТИРи;
  • манфаатлар тўқнашувининг мазмуни;
  • уни тартибга солиш бўйича кўрилган ёки таклиф этилаётган чоралар кўрсатилиши керак.

Ходим манфаатлар тўқнашувини аниқлаш учун аҳамиятли бўлган қўшимча маълумотларни ҳам киритиши мумкин.

Хабарнома қандай тасдиқланади?

Хабарнома:

  • ходимнинг;
  • ва (ёки) унинг бевосита раҳбарининг;
  • қонунда белгиланган айрим ҳолларда раҳбар ўринбосарининг ўз қўли билан қўйилган имзоси ёки электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Хабарнома ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

Раҳбар хабарномани олгач нима қилади?

Ходимнинг бевосита раҳбари манфаатлар тўқнашувини ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш чораларини кўради.

Таркибий бўлинма раҳбари кўрилган чоралар ҳақида махсус бўлинмага 1 иш куни ичида ахборот тақдим этиши шарт.

Махсус бўлинма кўрилган чораларнинг етарлилиги ва тўғрилигини кўриб чиқиш учун тегишли ахборотни 3 иш куни ичида одоб-ахлоқ комиссиясига тақдим этади.

Қандай чоралар кўрилиши мумкин?

Манфаатлар тўқнашувининг хусусиятидан келиб чиқиб:

  • ходимни бошқа раҳбар бўйсунувига ўтказиш;
  • ходимни муайян масала бўйича қарор қабул қилишдан четлаштириш;
  • коллегиал органдаги иштирокидан ўзини ўзи рад этиши ёки мажбуран четлаштириш;
  • лавозим мажбуриятлари ёки хизмат ваколатларини қайта кўриб чиқиш;
  • айрим ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланишни чеклаш;
  • ходимнинг қарорлари устидан коллегиал назорат ўрнатиш;
  • шахсий манфаатдорликни бартараф этиш;
  • ходимни унинг розилиги билан бошқа тенг лавозимга ўтказиш;
  • бошқа чоралар етарли бўлмаса, меҳнат шартномасини умумий асосларда бекор қилиш каби чоралар кўрилиши мумкин.

Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чоралари, қоида тариқасида, ходимнинг розилиги билан амалга оширилади.

Бошқа ходимдаги манфаатлар тўқнашуви ҳақида ҳам хабар бериш керакми?

Ходим бошқа ходимга доир ўзига маълум бўлган мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақида ҳам хабар бериши шарт.

Жисмоний ва юридик шахслар ҳам давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимидаги мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳақида мурожаат ёки хабар бериш ҳуқуқига эга.

Маълумотлар махфий сақланадими?

Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва тартибга солиш жараёнида олинган шахсга доир маълумотлар муҳофаза қилиниши керак.

Уларни қонунчиликда назарда тутилмаган мақсадларда ошкор этиш ёки тарқатишга йўл қўйилмайди.

Мавжуд манфаатлар тўқнашуви ва уни тартибга солиш бўйича кўрилган чоралар ташкилотнинг махсус реестрида ҳисобга олинади.

Хабар бермаслик қандай оқибатларга олиб келади?

Ходимнинг мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаслиги:

  • БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима;
  • худди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса — БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Мансабдор шахснинг ўзига маълум бўлган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чораларини кўрмаслиги:

  • БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача жарима;
  • бир йил ичида такроран содир этилса — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик давлат харидлари соҳасида содир этилса, мансабдор шахсга БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима солинади.

Chat