Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 8761 марта ўқилди

Вознаграждение топ-менеджеров и ключевого персонала

Ким мукофот олиши мумкин?

Давлат органи ёки ташкилоти ходими фаолиятидаги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни аниқлашга тегишли далилларни тақдим этган ҳолда фаол ёрдам берган шахс бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.

Хабар натижасида ҳуқуқбузарлик тасдиқланиши, айбдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши ва унга солинган жарима амалда ундирилиши керак.

Манфаатлар тўқнашуви нима?

Манфаатлар тўқнашуви — ходимнинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаатдорлиги унинг лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятдир.

Бундай ҳолат, жумладан:

  • ходимнинг яқин қариндошига тааллуқли масала бўйича қарор қабул қилиши;
  • ўзи ёки яқин қариндоши манфаатдор бўлган ташкилотга устунлик бериши;
  • давлат хариди, танлов, ишга қабул қилиш ёки текширув жараёнида алоқадор шахс манфаатини кўзлаши;
  • мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаслиги;
  • манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чораларини кўрмаслигида намоён бўлиши мумкин.

Қайси ҳуқуқбузарликлар бўйича мукофот берилади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193⁴-моддасида қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланган:

  • ходимнинг мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаслиги;
  • мансабдор шахснинг ўзига маълум бўлган мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш чораларини кўрмаслиги;
  • мазкур ҳуқуқбузарликларнинг давлат харидлари соҳасида содир этилиши.

Шахс айнан шу ҳуқуқбузарликларни далиллар билан аниқлашга ёрдам берганда мукофот олиши мумкин.

Мукофот миқдори қанча?

Мукофот пули айбдор шахсдан амалда ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Масалан, ҳуқуқбузардан 10 миллион сўм жарима тўлиқ ундирилган бўлса, хабар берган шахсга 5 миллион сўм мукофот берилиши мумкин.

Мукофот тайинланган жарима миқдоридан эмас, амалда ундирилган жарима суммасидан ҳисобланади.

Хабарга қандай далиллар илова қилиниши керак?

Хабарда имкон қадар қуйидагилар кўрсатилиши мақсадга мувофиқ:

  • давлат органи ёки ташкилотининг номи;
  • манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ходим ҳақидаги маълумот;
  • ходим билан манфаатдор шахс ёки ташкилот ўртасидаги алоқа;
  • қабул қилинган қарор, шартнома, давлат хариди, танлов ёки текширув ҳақидаги маълумот;
  • воқеа содир бўлган вақт ва жой;
  • ҳужжатлар, шартномалар, баённомалар ва расмий маълумотлар;
  • фото, видео, аудио, ёзишмалар ёки электрон маълумотлар;
  • очиқ электрон базалардан олинган тасдиқловчи маълумотлар.

Хабардаги маълумотлар аниқ, текшириш мумкин бўлган ва воқеликка мос бўлиши керак.

Қаерга хабар бериш мумкин?

Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолат ҳақида:

  • Коррупцияга қарши курашиш агентлигига;
  • прокуратура органларига;
  • ички ишлар органларига;
  • Давлат хавфсизлик хизматига;
  • Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига;
  • тегишли давлат органи ёки ташкилотининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасига хабар бериш мумкин.

Хабар ёзма, электрон ёки қонунчиликда йўл қўйилган бошқа шаклда берилиши мумкин.

Мукофот автоматик равишда бериладими?

Хабарнинг ўзи мукофотни автоматик равишда олиш учун етарли эмас.

Қуйидагилар мавжуд бўлиши керак:

  • хабарда тегишли далиллар келтирилган бўлиши;
  • хабар асосида ҳуқуқбузарлик аниқланиши;
  • айбдор шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилиши;
  • жарима амалда ундирилиши;
  • махсус комиссия томонидан мукофотлаш ҳақида қарор қабул қилиниши.

Мукофотлаш масаласини ким кўриб чиқади?

Мукофотлаш масаласи коррупцияга қарши курашувчи органлар ҳузурида тузиладиган махсус комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.

Тақдимномага, жумладан:

  • рўйхатдан ўтказилган ариза ёки оғзаки хабарни тасдиқловчи маълумот;
  • ҳуқуқбузарлик бўйича қабул қилинган қарор;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
  • мукофот олувчининг банк реквизитлари илова қилинади.

Коррупцияга қарши курашувчи орган рағбатлантириш учун асос юзага келганидан кейин ҳужжатларни 3 иш куни ичида махсус комиссияга киритади.

Махсус комиссия ҳужжатларни 5 иш куни ичида кўриб чиқади. Ҳужжатлар тўлиқ бўлмаса, улар 2 иш куни ичида қайтарилади.

Мукофот қачон тўланади?

Махсус комиссия қарори тақдимномани киритган органга 3 иш куни ичида юборилади.

Коррупцияга қарши курашувчи орган комиссия қарори асосида 1 иш куни ичида мукофотлаш ҳақида қарор қабул қилади.

Пул мукофоти харажатлар сметасига тегишли ўзгартириш киритилганидан кейин 10 иш куни ичида шахснинг банк ҳисобварағига ўтказилади.

Мукофот билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бир ҳолат ҳақида бир нечта шахс хабар берса

Бир ҳуқуқбузарлик ҳақида икки ёки ундан ортиқ шахс хабар берган бўлса, белгиланган пул мукофоти улар ўртасида тенг улушларда тақсимланади.

Бунда ҳар бир шахснинг хабари ҳуқуқбузарликни аниқлаш ва тасдиқлашга амалий ёрдам берган бўлиши лозим.

Кимларга ушбу тартиб татбиқ этилмайди?

Рағбатлантириш тартиби:

  • ҳуқуқбузарликни ўз хизмат вазифаси доирасида аниқлаган айрим мансабдор шахсларга;
  • тезкор-қидирув органларига махфийлик асосида кўмаклашаётган шахсларга;
  • ҳуқуқбузарликни бевосита содир этган шахсларга татбиқ этилмайди.

Хабар берган шахс ҳақидаги маълумотлар ҳимоя қилинадими?

Хабар берган шахс ҳақидаги маълумотларнинг махфийлиги таъминланиши керак.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахс, унинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат ҳимоясида бўлади.

Хабар бергани сабабли шахсни таъқиб қилиш, унга тазйиқ ўтказиш ёки унинг ҳуқуқларини чеклашга йўл қўйилмайди.

Била туриб ёлғон маълумот тақдим этган шахс қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортилиши мумкин.

Chat