
Қонун ижроси учун ким масъул?
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунда белгиланган талаб ва механизмларни давлат органлари ҳамда ташкилотларида самарали жорий этиш:
- ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- уларга манфаатлар тўқнашуви қоидаларини тушунтириш;
- манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бартараф этиш;
- самарали ички назоратни йўлга қўйиш давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари зиммасига юклатилган.
Муҳим: ташкилот раҳбари манфаатлар тўқнашувига оид талабларни фақат ҳужжатларда белгилаб қўйиш билан чекланмай, уларнинг амалда ишлашини ҳам таъминлаши шарт.
Республика идоралараро комиссияси
Қонун ижросини мувофиқлаштириш мақсадида Республика идоралараро комиссияси ташкил этилган.
Комиссиянинг асосий вазифалари:
- манфаатлар тўқнашувини аниқлаш механизмларини самарали жорий этиш имкониятларини таҳлил қилиш;
- манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлувчи ҳолатларни ўрганиш;
- уларни бартараф этиш бўйича ягона амалиётни шакллантириш;
- давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини Қонун талабларига мувофиқлаштириш;
- ваколатли давлат органларининг ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;
- жамиятда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдан иборат.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги комиссиянинг ишчи органлари ҳисобланади.
Манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари қандай назорат қилинади?
Қонун кучга кирганидан кейин:
- ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотлари кесимида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолатлар таҳлил қилинади;
- бундай ҳолатлар кўпайган ташкилотларга кечиктириб бўлмайдиган чораларни белгилаш учун тақдимномалар киритилади;
- ҳар ярим йилда манфаатлар тўқнашувини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш бўйича кўрилган чоралар биринчи раҳбарлар иштирокида танқидий муҳокама қилинади.
Эътибор беринг: мазкур таҳлил ва муҳокамалар бир марталик эмас, ҳар чоракда ва ҳар ярим йилда мунтазам ўтказиладиган назорат механизмлари ҳисобланади.
Давлат органлари нималарни ўрганиши керак?
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида, жумладан:
- ходимлар фаолиятида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар;
- ўриндошлик асосида ишлаш;
- тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиш;
- белгиланган чекловларга риоя қилиниши;
- коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг фаолияти;
- ушбу бўлинмаларнинг малакали кадрлар билан таъминланганлиги;
- ахборот тизимлари ва электрон платформаларнинг Қонун талабларига мувофиқлиги ўрганилиши лозим.
Электрон мониторинг қандай амалга оширилади?
Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш ва онлайн мониторинг қилиш учун «E-anticor.uz» электрон платформасидан фойдаланиш назарда тутилган.
Платформа орқали, жумладан:
- мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги хабарномалар;
- эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациялар;
- давлат харидлари баённомалари ва шартномалари;
- юридик шахсларнинг аффилланган шахслари ва бенефициарлари ҳақидаги маълумотлар;
- ходимларга белгиланган чекловларга риоя қилиниши;
- электрон маълумотлар базаларидаги маълумотлар;
- ОАВ, Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ўрганилиши мумкин.
Масалан: давлат харидида ғолиб бўлган ташкилот раҳбари харид комиссияси аъзосининг яқин қариндоши экани электрон маълумотлар орқали аниқланса, бу ҳолат манфаатлар тўқнашуви аломатлари юзасидан ўрганилади.
Жамоатчилик қандай иштирок этади?
Жисмоний ва юридик шахслар давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари фаолиятидаги манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар беришлари мумкин.
Хабарга тегишли далиллар илова қилиниши мақсадга мувофиқ. Улар қуйидагилардан иборат бўлиши мумкин:
- қарор ёки шартнома нусхаси;
- давлат хариди ҳужжатлари;
- ташкилотлар ва уларнинг таъсисчилари ҳақидаги маълумотлар;
- қариндошлик ёки бошқа алоқадорликни тасдиқловчи маълумот;
- ёзишмалар, фото, аудио ёки видео;
- очиқ электрон манбалардаги маълумотлар.
Манфаатлар тўқнашувини аниқлашга далиллар билан фаол ёрдам берган шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот берилиши мумкин.
Муҳим: мукофот хабар берилгани учун автоматик равишда эмас, ҳуқуқбузарлик далиллар билан тасдиқланиб, жарима амалда ундирилганидан кейин берилади.
Жамоатчиликка ахборот бериладими?
Республика идоралараро комиссиясининг ишчи органлари ҳар чоракда:
- аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари;
- уларни бартараф этиш чоралари;
- келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб бориши керак.
Ташкилотларда қандай ички ҳужжатлар бўлиши керак?
Давлат органлари ва ташкилотларида:
- манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича идоравий ҳужжатлар;
- мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги хабарнома шакли;
- эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви декларацияси;
- манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри;
- хабар ва декларацияларни кўриб чиқиш тартиби;
- масъул бўлинмалар ва мансабдор шахсларнинг вазифалари белгиланиши лозим.
Ходимларни ўқитиш
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига:
- манфаатлар тўқнашувини аниқлаш;
- у ҳақда хабар бериш;
- декларацияни тўлдириш;
- чекловларга риоя қилиш;
- манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш бўйича тушунтириш ва ўқув машғулотлари ташкил этилиши керак.
Эътибор беринг: ходимнинг Қонун талабларини билмаслиги уни хабар бериш ва белгиланган чекловларга риоя қилиш мажбуриятидан озод этмайди.
Парламент ва идоравий назорат
Олий Мажлис палаталарига давлат органлари ва ташкилотларида Қонун талабларига риоя қилиниши, шу жумладан манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар устидан парламент назоратини амалга ошириш тавсия этилган.
Давлат органлари ва ташкилотлари эса Қонун ижросини таъминлаш бўйича ўз идоравий чораларини белгилаши ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилиши шарт.